Эстетик тарбия жуда кенг тушунча бўлиб, унга табиат, меҳнат, ижтимоий ҳаёт, турмуш ва санъатга эстетик муносабатни тарбиялаш киради.Эстетик тарбия ўз навбатида болаларга ҳар томонлама тарбия беришнинг бир қисми ҳисобланади. У айниқса ахлоқий тарбия билан узвий боғлиқдир.

Санъат ва ҳаёт гўзаллиги билан таништириб бориш боланинг ақлини, ҳиссини тарбиялаб қолмай, шу билан бир қаторда унинг хаёл ва фантазиясини ҳам ривожлантиради.

Болаларни гўзалликка ошно қилиш уларда ҳаётий воқеаларни тўғри тушуниш, олижаноб ҳис-туйғуларни ва интилишларни шакллантиришга ёрдам беради. Болаларда гўзалликни идрок қилишни тарбиялаш орқали уларда бошқа кишиларнинг кечинмаларини ҳис эта билиш, кишиларнинг хурсандчиликларига шерик бўлиш, қайғусини бирга баҳам кўриш каби хусусиятлар таркиб топтирилади.

Эстетик тараққиёт шахснинг эстетик онги, муносабати ва эстетик фаолиятининг шаклланиши ва такомиллашувида узоқ вақтни талаб этадиган жараёндир. Шахснинг эстетик тараққиёти ижтимоий-тарихий ва эстетик тажрибани ижодий ўзлаштириш натижасида юзага келади. Бу ҳар хил йўллар ва шакллар орқали амалга оширилади. Шахснинг эстетик жиҳатдан ривожланишида маълум мақсадга қаратилган таълим ва тарбия ҳал этувчи роль ўйнайди.

Эстетик эҳтиёж – киши борлиқни, бадиий фаолиятни унинг ҳар хил кўринишларида эстетик идрок этишга ундовчи субъектив омилдир. Эстетик эҳтиёж гўзаллик тўғрисидаги фаннинг ривожланиш  қонуниятларини  янада чуқурроқ ўрганишга ундайди.

Эстетик қизиқиш шахсни санъат асарларини, теварак-атрофдаги борлиқни эстетик идрок этишга ва эстетик фаолиятга йўналтиради. Эстетик қизиқиш эстетик эҳтиёжни юзага келтиради.

«Эстетик тарбия» тушунчаси билан бир қаторда «бадиий тарбия» тушунчаси ҳам мавжуддир.

Бадиий тарбия санъат асарлари орқали тарбиялашдир. У шахсда санъат асарларининг шакл ва мазмунини эстетик идрок этишни ривожлантириш, бадиий дидни шакллантириш ва санъатнинг маълум турлари бўйича ижодий фаолиятни, ижрочилик қобилиятини ривожлантиришга қаратилгандир. Унинг натижаси фикрнинг пайдо бўлишида, уни амалий фаолиятда қўллашда, ўз билим ва таассуротларини қўша билишда, ҳис-туйғулари ва фикрларини самимият билан ифодалашда намоён бўлади.

Эстетика табиатдаги, жамиятдаги моддий ва маънавий маданият буюмларида акс этган, шунингдек эстетик онгнинг пайдо бўлиши, ривожланиши ва вазифаси тўғрисидаги қонуниятларни, объектив борлиқни эстетик билишнинг муҳим усулларидан бири бўлган санъатнинг ривожланиш қонуниятларини

ўрганади.

Педагогика эстетиканинг «гўзаллик ҳаёт демакдир» деган коидасидан келиб чиқиб, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳаётдаги, меҳнатдаги, турмушдаги кишилар муносабатидаги гўзалликда қатнаштириш, унинг ҳаётни, санъатни идрок эта билиш қоби-лиятини шакллантиришни ўзининг бош вазифаси деб ҳисоблайди.

Гўзаллик кишини олижаноб қилади, унинг юксак дидли, пок, яхши инсон бўлишига хизмат қилади. Гўзаллик билан учрашиш кишида эстетик ҳис, руҳий ҳаяжон, беғараз қувонч уйғо-тади. Эстетик ҳисда идрок этилаётган воқеликка нисбатан худбинлик оҳанги, шахсий манфаат нуқтаи назаридан ғаразли қарашлар бўлмайди. Н. Г. Чернишевский бу тўғрида шундай ёзади: «Кишидаги гўзаллик ҳосил қилган сезги, одам энг яқин кишиси билан учрашганда пайдо бўладиган порлоқ қувончга ўхшайди. Биз гўзалликни беқиёс севамиз, ундан энг яқин кишимизни учратганда қувонгандек завқланиб қувонамиз».

Гўзаллик инсониятнинг бутун тарихий тараққиёти давомида яратилади ва маданий-тарихий тажрибанинг бир қисмини ташкил этади. Унинг мавжудлиги, объективлиги ёш авлодга эстетик тажрибани системали равишда сингдириш ва шу орқали уларнинг эстетик томондан тараққий этишини таъминлайдиган эстетик тарбия назариясининг фаол усулларини ишлаб чиқишга йўналтиради. Бунда тарбия ва таълим жамиятнинг эстетик ма-даниятини ўзлаштиришнинг асосий воситаси ҳисобланади.

Эстетика борлиқнинг бирламчи ва онгнинг иккиламчи эканлигига асосланиб, санъат борлицни бадиий образларда англаш, эстетик акс эттиришнинг олий шакли деб тушунади.

Санъат ўзининг ҳиссий таъсир кучи билан кишининг фақат ҳиссини эмас, фикр ва иродасини ҳам мафтун этади, унинг тарбияловчи роли ҳам мана шунда намоён бўлади, шунинг учун у эстетик тарбиянинг мазмуни ва воситаси ҳисобланади.

Эстетик тарбия ахлоқий, ақлий, меҳнат ва жисмоний тарбия билан чамбарчас боғлиқдир.

Эстетик ва аҳлоқий тарбиянинг ўзаро боғлиқлиги шундаки, кишининг гўзалликни идрок зтишдан қувониши унинг бошқа кишиларга яхшилик қилганидан хурсанд бўлишига ўхшаб кетади. Аксинча, гўзалликни кўра билмаслик, ундан завқланмаслик ёмон ишларни қилишга олиб келади. Санъатнинг тарбиявий кучи шундаки, у одамни ҳаётдаги воқеаларни, ҳодисаларни чуқур ҳис-ҳаяжон билан идрок этишга мажбур этади.

Эстетик тарбия меҳнат тарбияси билан чамбарчас боғлиқдир. Меҳнат фаолияти болаларни қувонтиради, улар биронта фойдали ишни бажараётиб, бирон керакли нарсани ясаётиб, ўзларининг куч ва имкониятлари ўсиб бораётганини сезадилар. «Гўзаллик қувончисиз меҳнат қувончи бўлмайди,- деб ёзган эди В. А. Сухомлинский,- аммо буларда гўзаллик бола эга бўлаётган нарса эмас, балки биринчи навбатда у яратаётган нарсадир. Меҳнат қувончи – бу турмуш қувончидир»1.

Агар инсон эстетик жиҳатдан тарбияланган бўлса, у ҳар қандай қийин ишда ҳам гўзалликни кўра олади ва уни яхши, зўр шавқ-завқ билан бажаради.

Эстетик ва жисмоний тарбия ўртасида мустаҳкам боғланиш бор. Кишининг мустаҳкам соғлиғи, жисмоний камолотисиз унинг гўзаллигини тасаввур этиб бўлмайди. Унинг чиройли гавда тузилиши, ҳаракатларни чиройли бажариши, мусиқа остида чиройли ҳаракатлар қилиши ва ҳоказолар шулар жумласига киради.

Кўпчилик педагог ва психологларнинг тадқиқот ишлари болаларнинг ижодий фаолиятлари, ҳиссиётлари, эстетик тасаввурларининг ўзига хос хусусиятини ва улардаги эстетик тасав-вур ва ҳиссиётларнинг қандай ривожланишини очиб берган.

Бу текширишлар болалардаги эстетик тасаввур ва ҳиссиётларни ривожлантиришни улардаги ижодий қобилиятларни ривожлантириш билан бирга қўшиб олиш бориш керак, деган хулосага олиб келди.

Эстетик тасаввурнинг ўзига хослиги шундаки, идрокнинг бошқа турларига қараганда нарсаларни ҳис қилиш шакли- «кўринадиган» ва «эшитиладиган» нарсалар бутунлай бошқа мазмун касб этади. Оддий идрок қилишда нарсаларнинг кўриниши, оҳангдорлиги унчалик муҳим бўлмай, балки унинг аҳамияти муҳимдир. Эстетик идрок қилишда эса энг муҳими – идрок қилаётган нарсанинг образи, унинг ифодали томонларини, нозик рангларини кўра билиш талаб қилинади. Шунинг учун эстетик тарбия юқори даражадаги сенсор маданиятни, кузатувчанликнинг ривожланган бўлишини талаб этади.

Киши нарса ва ҳодисаларга гўзаллик мезонига асосланган ҳолда, алоҳида қадр қиммат билан ёндошгандагина эстетик кечинмалар пайдо бўлади. Эстетик ҳислар фикрлаш билан бевосита боғлиқдир.

Эстетик кечинмаларда ҳар доим хаёл иштирок этади, бусиз гўзалликни идрок этиш ҳам, ижодий фаолиятни ривожлантириш ҳам мумкин эмас. Хаёл фаолият жараёнида шаклланади. Уйин, расм чизиш, эртакларни эшитиш хаёлнинг ишлашини талаб этади. Дастлабки вақтларда хаёл фаолият жараёнида нарсалар билан таъсир этиш натижасида юзага келади. Кейинги босқичларда эса ижодий фаолликнинг ташқи шаклларидан се-кин-аста фикрлашга ўтади. Бола расм чизганда ёки ўйнаганда образни тасвирлашдан ёки ифодалашдан олдин шу образни хаёлида яратади. Бадиий асарларни идрок қилганда ҳам худди шунга ўхшаш воқеа юз берадики, болалар асардаги қаҳрамонларга хаёлан қўшилиб, уларнинг хатти-ҳаракатларида ўз хаёл-лари билан қатнаша бошлайдилар.

Демак, эстетик кечинмалар мураккаб ҳодиса бўлиб, ҳиссиётлар, хаёл ва фикрнинг фаол ишлашини, ўз фикр ва ҳиссиётларини ифодалашга, фаолиятга эҳтиёж туғилиши каби хусусиятларни ўз ичига олади.