Болаларнинг эстетик ривожланиши уларнинг кундалик жўш-қин ҳаёти билан чамбарчас боғлиқдир.

Илк ёшдаги болаларни назарда тутганда, ҳали уларнинг эстетик тарбияси тўғрисида эмас, балки уларнинг ҳиссий ва сенсор ривожланиши тўғрисида ўйлаш керак. Бола ялтироқ бўёқдан хурсанд бўлади, бир маромдаги товуш ва ҳаракатлардан Ҳузур қилади. Бола ҳаётининг биринчи йилида уларнинг сенсор ҳиссий қабул қилувчанлиги такомиллашиб боради. Бу ёшдаги болада ҳиссий кечинмаларнинг шаклланишида катталар муҳим роль ўйнайди. Катталарнинг очиқ юз билан жўшқин оҳангда гапиришлари болага буюмларнинг у ёки бу хусусиятларига ижобий муносабатда бўлишларига ёрдам беради. Ва, аксинча, катталарнинг огоҳлантирувчи овози, улар юзидаги тундлик аломати ёки ҳўмрайиб қарашлари, жеркиб, силтаб ташлашлари ва ҳоказолар болаларда шу буюмга ёки унинг си-фатига салбий муносабатни шакллантиради.

Бола ҳаётининг иккинчи йилида унинг идроки секин-аста такомиллаша боради. Болалар энди фақат борлиқ хусусиятларини эмас, шу билан бирга санъат асарларидаги айрим эстетик ифода воситаларини ҳам идрок эта бошлайдилар. Бу ёшдаги болаларда мусиқанинг қувноқ ва ғамгин куйларига, уларнинг қаттиқ ва сокин оҳангига, оҳиста ва тезлигига жавоб таъсири пайдо бўлади ва ҳ. к.

Ўрта гуруҳга келганда болалар эстетик идрокининг ривожланишида муҳим ўзгаришлар юз беради. Уларнинг эстетик идроки анча аниқ ва табақалашган бўлиб қолади. Аммо шунга қарамай, у қисқа-қисқа бўлиб, боланинг шахсий тажрибаси ва қизиқишига боғлиқ бўлади.

Бу ёшдаги болалар бадиий образни энг оддий эстетик баҳолай оладилар, баъзи бир эстетик воситаларни тўғри англай-диган, тасвир моҳиятини тушунадиган бўлиб қоладилар.

Болаларда гўзалликни идрок қилиш жараёни аниқ ифодаланган, таъсирли, фаол тусда бўлади. Бу айниқса улар қўғирчоқ театри, кино, мультфильм, телеспектаклларни томоша қилганларида аниқ намоён бўлади. Болалар асар қаҳрамонлари ҳаракатига бемалол қўшилиб ҳаракат қиладилар, уларда муайян вазиятда ўзини қандай тутишни айтиб турадилар, гўё ўзларини улар билан бирга ўйнаётгандек ҳис этадилар. Бу ёшдаги болалар таниш бўлган санъат асарларини янги асарлар билан солиштирадилар ва баъзи бир хулосалар чиқарадилар. Болалар шеърни насрдан, бадиий асарнинг баъзи бир жанрларини, тасвирий фаолият ва мусиқанинг бир хил турларини (эртакни ҳикоядан, маршни рақсдан, аллани ўйиндан ва ҳ. к.) бир-биридан ажрата бошлайдилар.

Тасвирда бадиий, мусиқа, театрлаштириш каби ҳамма фаолиятларда қўйилган вазифани бажаришда мустақиллик, ижодкорликка интилиш намоён бўла бошлайди. Болалар ўйинга тушганда, ашула айтганда, саҳналаштириш ўйинларида образларнинг ифодали бўлишига онгли равишда интила бошлайдилар.

Катта гуруҳнинг охирларига келганда улар мусиқани, бадиий асарларни диққат билан тинглайдилар, тасвирий санъат асарларини синчиклаб кузатадилар, улардаги ижобий қаҳра-монларнинг хатти-ҳаракатларидан қувонадилар, ёмонликни қоралайдилар. Болада мусиқавий ва шоирона тинглаш қобилияти ривожланади. Уларда айрим мусиқа жанрларига, адабий ва тасвирий санъат асарларига нисбатан барқарор қизиқиш пайдо бўлади.

Болаларда бадиий-ижодий қобилият ривожлана бошлайди, улар мустақил равишда топишмоқлар, ашулалар, эртаклар, шеърлар тўқийдилар, аппликация ва расмлар ишлайдилар. Энди улар ўзларининг ва ўртоқларининг ишларини баҳолайдиган бўлиб қоладилар.

Кузатаётган санъат асарлари, эшитаётган мусиқа асарлари, ўқилаётган шеърларнинг энг нозик томонларини кўра биладилар, сеза бошлайдилар. Бадиий асарлардаги баъзи шеърий образларни эслаб қоладилар ва ўз нутқларида ишлатадилар, Теварак-атрофдаги гўзалликка, санъатга, бадиий ва ўйин фаолиятининг ҳар хил турларига нисбатан уларда қизиқиш шакллана бошлайди.

Болалар бадиий асар қаҳрамонлари хатти-ҳаракатига жуда катта ҳис-ҳаяжон билан муносабат билдирадилар, аммо асардаги каҳрамонлар хулқидаги яширин сабабларни улар ҳали англаб ета олмайдилар, Болаларда бадиий ижодкорликнинг ривожланиши давом этади, аммо уларнинг фикрлари ҳали аниқ, барқарор эмаслиги билан ажралиб туради.

Шундай қилиб, мактабгача тарбия ёши даври тарбиявий таъсир орқали болаларни эстетик руҳда тарбиялаш мақсадларидан ва унинг бола шахсини шакллантиришда тутган ўрнидан келиб чиқиб, эстетик ривожланишларини такомиллаштиришдир.