Болалар боғчасидаги эстетик тарбиянинг асосий воситалари қуйидагилардир:

– болаларни ўраб турган муҳит, турмуш эстетикаси;

– теварак-атрофдан олинган таассуротлар;

– табиат, санъат асарлари;

– болаларнинг тасвирий фаолиятлари;

– байрамлар, кўнгил очар тадбирлар;

– маълум мақсадга қаратилган ва режали равишда амалга ошириладиган таълим.

Болалар боғчасини ўраб турган гўзаллик муҳити болаларнинг ҳар томонлама камол топишига, эстетик дидларининг тарбияланишига ёрдам беради.

Педагогика системасига хос бўлган эстетика ва этиканинг бирлигини оилада, болалар боғчаларида кичкинтойларни тарбиялашда бемалол қўллаш мумкин. Лекин ҳақиқий турмуш эстетикасини яратиш учун тарбиячи ва ота-оналарнинг юқори маданиятли, яхши хулқли, хушмуомала, бадиий дидли бўлишлари талаб этилади.

Болаларни ўраб турадиган чиройли нарсаларнинг ўзи болага ҳзч нарса бермайди, шунинг учун болаларни уларни кўришга, кадрлашга, баҳолай билишга ўргатиш керак. Тарбиячи болаларнинг диққатини полнинг тозалигига, яхшилаб жой-жойига қўйилган мебелга, чиройли идишларга, гулларга қаратади. Ҳар бир янги нарса, янги безак болалар билан бирга кўриб чиқилади. Энг муҳими, ҳамма нарсаларни болаларда эстетик завқни қўзғата оладиган қилиб кўрсатиш керак.

Болаларга эстетик завқ уйғотиш учун уларга кузатилаётган нарсанинг мазмуни ва аҳамиятини тушунтириш керак. Болаларнинг ҳисларига таъсир этиш учун бу ҳали етарли эмас. Энг муҳими, бу ерда катталарнинг намунасидир. Тарбиячининг ўзи завқланса, ортиқча сўзларсиз гўзалликка қизиқиш уйғота олади ва болаларда эстетик кечинмалар пайдо қила олади.

Болалар тарбиячидан «Нима учун олтин куз дейилади?»- деб сўрашади, тарбиячи истироҳат боғига бориб кўрамиз, деб жзвоб беради. Боғга боришганда болаларга таклиф этади: «Сайр қилиб дарахтларни, йўлкаларни кузатамиз». Боғнинг энг хушманзара жойига келганда болалар тўхтаб, жим атрофга назар ташлашадида, нима учун олтин кузлигини тушундик. Чунки барглар тиллага ўхшайди. «Ана қизил барглар», дейишади улар ҳаяжон билан. Шамол бўлиши билан барглар ерга тушади. Йўлкалар эса гиламга ўхшайди.

Кўчага сайрга чиқишади. Тарбиячи болаларга шундай дейди: «Биз ҳозир сизлар билан боғча кўчасидан юриб ўтамиз. Сизлар диққат билан кузатиб боринглар, ким қандай чиройли иарса кўрса, сайрдан кейин сўзлаб беради».

Шуни таъкидлаш керакки, ажойибот ёнимиздадир, болаларни шу ажойиботни кўра билишга, ундан ҳайратлана олишга ўргатиш лозим. Табиатнинг гўзаллигини ва ажойиблигини инсон ҳаёт гўзаллигига, санъат гўзаллиги ва ажойиботига айлантиради.

Жонажон табиат эстетик тарбиянинг қудратли воситаси бўлиб хизмат қилади. Теварак-атрофдаги табиат гўзаллиги ҳатто энг кичик болани ҳам қувонтиради. Унинг туйғулар ва хаёлларда сақланган гўзаллиги болаликда айниқса ёрқин ва чуқур идрок қилинади, инсон буларни бутун ҳаёти давомида эсидан чиқармайди.

Сайр, экскурсия вақтида тарбиячи болаларнинг диққатини табиатнинг ранг-баранглигига, унинг ўзгариши ва уйғунлигига қаратади, табиат ҳодисаларига қизиқиш уйғотади, унга муҳаббат ва эҳтиёткорлик муносабатини тарбиялайди, асраб-авайлашга ўргатади. Буларнинг ҳаммаси болаларнинг эстетик дидларини тарбиялайди, улар кишиларнинг меҳнат натижаларини яқкол кўриб, атрофдаги гўзаллик инсон меҳнати туфайли юзага келишига ишонч ҳосил қиладилар.

Тарбиячи болаларга табиат оламини кашф этади, болаларнинг ғунчадаги бир томчи шабнамда ҳам, ўтларнинг бири иккинчиси билан қўшилиб кетишида ҳам, оқшом бўёқларида ҳам табиат гўзаллигини кўра билишларига ёрдам беради.

Болалар боғчасида табиат бурчаги ташкил этилади. Ундаги ҳайвонлар ва ўсимликларни кузатиш ва парвариш қилиш болаларда эстетик идрокни, уларга нисбатан тўғри муносабатни, гўзаллик яратиш хоҳишини шакллантиради ва қизғин фаолиятга ундайди. Иилнинг ёз фаслларида полизда, гулзорда, боғча майдончасида меҳнат қилишда ҳам болалар эстетик завқ оладилар. Кузда ўз меҳнати мевасини ейиш болага алоҳида эсте-тик ҳузур бағишлайди. Дала ва боғларга сайрга борганда табиатнинг гўзаллиги ва бойлигидан, у ердаги деҳқонларнинг яратувчилик меҳнатларидан бениҳоя завқланишади.

Болалар боғчасида болаларни эстетик томондан тарбиялашда санъатнинг ҳар хил турлари ва жанрларидан (мусиқа, рассомчилик, ҳайкалтарошлик, халқ амалий санъати, адабиёт ва ҳ. к.) фойдаланилади.

Санъат юксак эстетик завқнинг, киши хурсандчилигининг туганмас манбаи бўлиб хизмат қилади. Шу билан бир вақтда у ҳар бир кишининг ривожланиши, маънавий бойиши учун ҳам воситадир.

Бадиий асар кишининг ҳис-туйғуларига таъсир этса, ҳиссий кечинмалар кишида фикрлашни уйғотади. Бадиий асардан ҳаяжонланиш фикрлашни фаоллаштиради. Қизиқарли эртак ёки расм болада фикрлар ўйинини уйғотади. Бу тўғрида С. Я- Маршак шундай деган эди: «Қизил шапкача» эртагини болалар қаторасига 20 марта эшитишга тайёрлар. Бунга сабаб эртак ўз тузилиши бўйича аниқ, унинг мантиқи ва мотиви изчил, ҳар қандай бола ўзини эртакдаги қаҳрамон ўрнига қўя олади ва «Қизил шапкача»ни ўйнай олади. Санъатнинг ҳамма турлари – адабиёт, мусиқа, рассомчилик, ҳайкалтарошлик, театр, кино болаларга тушунарлидир. Санъатдан болалар боғчасини безашда, таълим беришда, болаларнинг мустақил фаолиятларида фойдаланилади.

Болалар боғчасида ганч, чинни, ёғоч, лой, пластилиндан хилма-хил буюмлар, ўйинчоқлар ясаш мумкин. Болалар ўйинчоқларининг яхши намуналаридан гуруҳ хонасини безатишда фойдаланса бўлади.

Гиламчилик, тўқимачилик, кулолчилик, зардўзлик, каштачилик, попопчилик, бадиий ойна, металл патнислар, тўқилган ва тикиб гул солинган буюмлар ва бошқалар тасвирий санъатнинг манзарали шаклига киради. Бундан ташқари, боғчада ҳар бир вилоят, ўлка, республиканинг миллий маданиятидан фойдаланиш керак.

Таълим-тарбия ишларида ўзбек халқ амалий санъати намуналаридан фойдаланиш катта аҳамиятга эгадир. Узбек нақшлари туширилган чиройли гулдор матолар қўғирчоқлар учун кўйлак, ойна пардалари, дастурхон кабилар учун ишлатилиши мумкин.

Мусиқа болаларнинг кайфиятини кўтариб эрталабки бадан тарбияда янграй бошлайди. Иилнинг қуруқ ва иссиқ вақтларида экскурсия, сайр ва ўйин вақтларида ашулалар ижро эти-лиши керак, бу болаларни янада бир-бирига яқинлаштиради, руҳини кўтаради. Майдончада меҳнат қилиш жараёнида ижро этилган ашула ҳаракат ритмини уйғунлаштиради, болаларга меҳнат қувончини бағишлайди.

Болаларда эстетик идрокнинг ривожланиши учун уларни ҳақиқий санъат асарлари билан таништириш зарур. Радио, ойнаи жаҳонда санъат усталари ва тенгдошлари ижро этган асарлар болаларнинг эстетик ривожланишида катта ёрдам беради.

Ашула айтиб ўйинга тушишда асосан халқ ижоди асарларидан фойдаланилади, бу болаларни аҳлоқий-эстетик тарбиялаш учун ғоят қимматли воситадир. Болалар халқ куйлари ва образларини ижро этаётиб, халқ тили ва куйининг ҳамоҳанглигини, равонлигини билиб оладилар. Бу болаларда ватанпарварлик ҳисларини тарбиялайди, мусиқавий дидини шакллантиради, болаларни замонавий ва классик куйларни идрок эта олишга тайёрлайди. Ашула ва рақсга тушишга ўргатишда фақат тўғри айтиш ва тўғри ҳаракат қилишни эмас, балки ифодали айтиш ва енгил, чиройли ва латофат билан рақсга тушишга ўргатилади.

Болаларнинг бадиий қобилиятларини тарбиялаш масаласи уларнинг ижодий ўсиши билан чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун болага ўргатиш, ундаги ижодий ташаббусни ривожлан-тириш иши бир-бири билан узвий алоқада амалга оширилиши лозим. Педагог тарбиявий нуқтаи назардан ёндашиб, бола ижодининг энг биринчи, ҳали тўлиқ намоён бўлмаган томонини сеза билиши ва баҳолай олиши керак, бу билан у боладаги камолот йўлини тўғри белгилаши мумкин.

Болалар боғчасида ўтказиладиган байрамлар болаларга чуқур таъсир этади. Байрамнинг тарбиявий кучи ва ўзига хослиги унинг ғоявий ва эстетик мазмуни санъатнинг турли кўринишлари билан боғлиқ бўлишидадир. Ҳар қайси байрам ўз ғоясига эга бўлиб, у болаларга ёрқин образлар орқали таъсир кўрсатади.

Эстетик тарбиянинг воситаларидан бири қўғирчоқ театридир. Унинг ниҳоятда кучли таъсир этиши унинг соддалиги, одатдан ташқари жўшқинлиги ва қўғирчоқлиги (ўйинчоқлиги), шунингдек, бадиий сўз, мусиқа, ашула, рақс, тасвирий санъат каби таркибий қисмларнинг узвий жипслашиб кетганлиги киши кўзи ўнгида яққол намоён бўлишидадир. Қўғирчоқ театрини болалар фақат томоша қилибгина қолмай, балки унда ўзлари ҳам қатнашадилар. Бу боланинг драматик қобилияти, ташаббуси, нутқини ўстиради, ҳаётига қувонч бағишлайди.

Диафильм кўрсатиш болаларнинг эстетик дидларини ўстиришда муҳим воситалардан биридир. Диафильмлар кўрсатишни адабий матн ўқиб бериш билан қўшиб олиб бориш болага фильмнинг мазмунини янада тўғрироқ ва таъсирчанроқ тушунишга ёрдам беради.

Бундан ташқари, қўғирчоқ театри, соя театри кўрсатиш ҳам болаларни эстетик томондан тарбиялашда алоҳида ўрин эгаллайди. Бу ўйинчоқ, қўғирчоқлар болаларга таниш бўлсада, уларни тарбиячи қўли ёрдамида ҳаракатга келтириб, бадиий сўзлар билан қўшиб олиб бориши натижасида улар боланинг кўз ўнгида жонланади, бошқача тус олади ва болалар эртак мазмунини чуқур идрок эта бошлайдилар.

Бадиий диднинг шаклланишида китоблар муҳим роль ўйнайди. Китоблар фақат болаларнинг ёшига мос, мавзу ва мазмуни билангина эмас, балки шу билан бирга баён қилиш усули ҳамда безатилиши билан ҳам ажралиб туриши жуда муҳимдир.

Буюк ёзувчи М. Горький энагаси ва бувиси уни халқ эртаклари ва ашулалари билан қандай таништирганлигини эслайди. Бувиси ҳамма нарса тўғрисида шундай сўзлаб берар эдики, унинг сўзларидан ҳеч қачон эсдан чиқмайдиган севинч ҳислари қолган. Энагаси айтган ашула ва шеърларнинг ғаройиблиги унда ҳам шундай ажойиб асарлар яратиш истагини уйғотган.

Кичкинтойлар, айниқса 2-3 ёшли болалар учун чиқарилган китобларда сўзлардан кўра расмларнинг таъсири айниқса катта бўлади. Бола китобчадаги расмларни қайта-қайта ўз ўртоқларига, катталарга, қўғирчоғига «ўқиб» бериш билан унинг мазмунини ўз хотирасида мустаҳкамлайди. Китобдаги чиройли, ёрқин расмлар болаларнинг бадиий дидини тарбиялайди.

Катталар меҳнати, қаҳрамонлик, шунингдек, она Ватанга бўлган муҳаббат, дўстлик, биродарлик, болаларнинг ота-оналарига нисбатан меҳрибон бўлишлари каби темаларда ёзилган ҳикоялар болаларга тушунарлидир.

Болаларнинг севимли ёзувчилари Қудрат Ҳикмат, Мирмуҳсин, Шукур Саъдулла, Қуддус Муҳаммадийнинг болалар учун ёзган шеърлари уларда ижобий ҳис-туйғуларни тарбиялайди, уларни яшашга ўргатади, дунёқарашини шакллантиради, она тилининг бойлигини, сўзларнинг таъсирчанлигини ҳис қилишга ёрдам беради.

Кичкинтойлар ҳаммадан ҳам эртакларни севадилар. Эртакнинг яхши томони шуки, унда узоқ фикр юритилмайди. Эртак қаҳрамонлари болага яқин ва таниш. Эртак тили ҳаётий ҳамда жонли бўлади. Энг муҳими, тарбиячининг ўзи бадиий адабиётни севиши ва тушуниши, насрий асар ва шеърларни ифодали ўқий билиши керак.

Болалар боғчасида катталар раҳбарлигида болалар томонидан концертлар, байрамлар, кичкинтойларнинг туғилган кунларини нишонлаш болаларда қувончли ҳисларни уйғотадиган, мазмунли ва уларнинг хотираларида узоқ вақт сақланиб қоладиган қилиб ташкил этилиши керак.

Хулоса қилиб айтганда, эстетик тарбия болаларни ҳар томонлама баркамол инсон қилиб тарбиялашнинг муҳим қисми бўлиб, ақлий, ахлоқий, жисмоний тарбия билан чамбарчас боғланган ҳолда амалга оширилади.